Google Play orqali oling
Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг шафоатларига мушарраф бўлай десангиз...

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنْ قَالَ حِينَ يَسْمَعُ النِّدَاءَ اللَّهُمَّ رَبَّ هَذِهِ الدَّعْوَةِ التَّامَّةِ، وَالصَّلَاةِ الْقَائِمَةِ آتِ مُحَمَّدًا الْوَسِيلَةَ وَالْفَضِيلَةَ، وَابْعَثْهُ مَقَامًا مَحْمُودًا الَّذِي وَعَدْتَهُ، حَلَّتْ لَهُ شَفَاعَتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ким азонни эшитгандан кейин: «Аллоҳумма, Робба ҳазиҳид даъватит тааммати вас-солатил қоимати ати Муҳаммаданил василата вал фазилата вабъасҳу мақомам маҳмудан аллазий ваъадтаҳ» деса, қиёмат куни унга шафоатим вожиб бўлур», дедилар». 
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда келган дуонинг маъноси қуйидагича: «Аллоҳим! Эй ушбу тугал даъватнинг ва қоим бўладиган намознинг Роббиси! Муҳаммадга Василани ва фазилатни бергин. Ҳамда уни Ўзинг ваъда қилган мақоми Маҳмудда қайта тирилтиргин».
«Васила» жаннатдаги олиймақом манзила эканлиги ҳадисда зикр қилинди.
«Мақоми Маҳмуд» – «Мақталган Мақом» эса Аллоҳ таолонинг «Шоядки, Роббинг сени Мақоми Маҳмудда қайта тирилтирса» ояти ила Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваъда қилинган. Мақоми Маҳмуд буюк шафоат мақомидир.
Демак, қиёмат куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига мушарраф бўлайлик, десак, азондан кейин ушбу дуони ўқиб юришимиз лозим.
عَنْ سَعْدِ بْنِ أَبِي وَقَّاصٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنْ قَالَ حِينَ يَسْمَعُ الْمُؤَذِّنَ أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، وَأَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ، رَضِيتُ بِاللهِ رَبًّا، وَبِمُحَمَّدٍ رَسُولًا، وَبِالْإِسْلَامِ دِينًا، غُفِرَ لَهُ ذَنْبُهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ. وَلِمُسْلِمٍ وَأَبِي دَاوُدَ: مَنْ قَالَ مِثْلَ مَا يَقُولُ الْمُؤَذِّنُ إِلَّا فِي الْحَيْعَلَتَيْنِ فَقَالَ لَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ مِنْ قَلْبِهِ دَخَلَ الْجَنَّةَ
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Ким муаззинни эшитганида «Ашҳаду алла илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу ва анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу, розийту биллаҳи Роббан ва би Муҳаммадин Расулан ва бил Ислами дина» деса, унинг гуноҳи мағфират қилинур», дедилар». 
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. 
Муслим ва Абу Довуднинг ривоятида: 
«Ким чин қалбдан муаззин айтган нарсани айтиб турса-ю, магар «Ҳайя ъала» жумлаларида «Ла ҳавла ва ла қуввата» деса, жаннатга киради», деганлар», дейилган.

Ушбу ривоятда қилинган дуонинг маъноси:
«Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ. У ёлғиз Ўзидир. Унинг шериги йўқ ва албатта, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир, деб гувоҳлик берурман. Аллоҳни Робб, Муҳаммадни Расул ва Исломни дин, деб рози бўлдим».

Ким азонни эшитганидан кейин ушбу дуони ўқиса, гуноҳлари мағфират этилиши ваъда қилинмоқда.
Имом Муслим ва Абу Довудларнинг ривоятидан эса муаззин нима деса, шуни қайтариб туриш, фақат икки «Ҳайя ъала» сўзларини айтганда «Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳи» дейиш ўргатилмоқда. Ким бу нарсаларни чин қалбдан айтса, жаннатга кириши ваъда қилинмоқда.

Инсоф қилиб айтганда, бу жуда ҳам осон ишлар, савоб топиш, гуноҳни ювиш ва жаннатга кириш эҳтимолини ошириш учун ғанимат нарсалар. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида кўп нарсаларга эътибор бермаймиз. Уларга амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто бу нарсаларни лозим даражада билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилишга ўтайлик. (Манба: «Ҳадис ва Ҳаёт» китоби).

Telegram каналимизга аъзо бўлинг
...............................................................