Google Play orqali oling
«Tаровеҳ» қандай намоз?

Рамазонда бедор бўлиб ўқиладиган намоз «таровеҳ» деб номланиши ҳаммага маълум. «Таровеҳ» сўзи «роҳат-истироҳат» деган маънони англатади. Чунки мазкур намоз истироҳат ҳисобланади, ҳар тўрт ракъатни ўқиб бўлгандан кейин истироҳат олинади.
«Мухтасари Виқоя»да бу намоз ҳақида қуйидагилар келган:
Витрдан олдин ёки кейин таровеҳ суннатдир. Ҳар тўрт ракъатдан кейин унинг микдорича ўтириш бордир. Бир марта хатм қилиш суннатдир. Қавмнинг дангасалиги туфайли уни тарк қилинмайди. Рамазондан ташқарида витрни жамоат билан ўқилмайди.
Бунинг энг кучли далили Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалларидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллох соллаллоху алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат ила бедор ўтказишга тарғиб қилар, аммо қатъий буйруқ бермас эдилар. Бас, у зот:
«Ким Рамазонда иймон ва савоб умиди билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дер эдилар».
Бешовлари ривоят қилишган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кеча тун ярмида чиқиб, масжидда намоз ўқидилар. Кишилар у зотнинг намозларига эргашиб намоз ўқишди. Одамлар тонг оттиргач, (буни) гапиришди. Натижада (кечкурун) улардан ҳам кўпчилик жамланиб, у зот билан бирга намоз ўқишди. Одамлар тонгда туриб, (буни) гапиришди. Натижада учинчи кеча масжид аҳли кўпайиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар. (Одамлар у зотнинг) намозларига эргашиб намоз ўқишди. Тўртинчи кечада масжид ўз аҳлини сиғдиролмай қолди. Ниҳоят, у зот тонгги намозга чиқиб, бомдодни адо қилиб бўлгач, одамларга юзланиб, шаҳодат айтдилар. Сўнг:
«Аммо баъд: Албатта, сизларнинг бу ерда турганингиз менга махфий эмас эди. Лекин бу сизларга фарз қилинса, кейин уни (адо этишдан) ожиз  қолишингиздан қўрқдим», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида иш шу ҳолда эди».
Учовлари ривоят қилишган.
Саҳобаи киромлар ва барча Ислом уммати бу намознинг шаръийлигига
ижмоъ қилганлар.

Абдурраҳмон ибн Абдин ал-Қорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир кеча Рамазонда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан бирга масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар тарқоқ, гуруҳ-гуруҳ: кимдир ёлғиз ўзи намоз ўқияпти, кимдир намоз ўқимокда-ю, бир гуруҳ одам унинг намозига эргашиб намоз ўқияпти.
Шунда Умар:
«Менимча, агар буларни битта қорининг ортидан жамласам, ниҳоятда гўзал бўлар эди», деди. Сўнгра азм қилиб, уларни Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг ортига жамлади. Кейин бошқа бир кечада яна у билан чиқдим. Одамлар ўз қориларининг намозига эргашиб намоз ўқишар эди.
Умар:
«Бу қандай яхши бидъат! Улар ухлайдиган пайт (тунда) қоим бўладиган пайтларидан афзалдир», деди. У кечанинг охирини назарда тутаётган эди. Одамлар эса унинг аввалида қоим бўлишар эди».
Бухорий ривоят қилган.
Ҳазрати Умарнинг бу ишларига саҳобалардан ва мусулмон умматидан бирор киши ҳам қарши чиқмаган.
Ирбоз ибн Сорийадан ривоят қилинади:
«Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг суннатимни ва мендан кейин муқтадий рошид халифаларнинг суннатини лозим тутинг», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят
қилишган.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан ҳазрати Умарнинг қилган бу ишлари ҳақида сўралганда:
«Таровеҳ - суннати муаккададир. Уни Умар ўзидан чиқарган эмас. У бу ишда бидъатчи эмас. Унинг асли бор бўлгани учун амр қилган. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан аҳд бўлган», деганлар.
Витрдан олдин ёки кейин таровеҳ суннатдир.
Таровеҳ намози Рамазонда, хуфтон намозидан кейин, витр намозидан олдин ўқилади. У йигирма ракъатдан иборатдир.

Язийд ибн Румон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар ибн Хаттобнинг замонида
одамлар йигирма уч ракъат ила қоим бўлар эдилар».
Йигирмаси таровех, учтаси витр. Tapoвeҳ йигирма ракъат бўлишига саҳобалар, тобеъинлар, улардан кейинги авлодлар ва барча фиқхий мазҳабларнинг имомлари иттифоқ қилганлар.

Ҳар тўрт ракъатдан кейин унинг миқдорича ўтириш бордир. Худди мана шу утириш «тарвийҳа» дейилади ва таровеҳ намозининг номи шу сўздан олингандир. Ушбу ўтириш пайтида ҳар юртнинг одамлари ўзларига одат бўлиб қолган тасбеҳ ва таҳлиллардан ўқишади.
Бир марта хатм килиш суннатдир.Рамазондаги таровеҳ намозида Қуръонни бир марта хатм қилиш суннатдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг сахийликлари Рамазонда - Жаброил у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон чиқиб кетгунича ҳар кеча у зот билан учрашар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни арз қилар (ўқиб берар) эдилар».
Бошка бир ривоятда:
«Бас, у билан Куръон ўқир эдилар. Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашганда, эсган шамолдан ҳам саховатли бўлиб кетар эдилар», дейилган.
Икки шайх ривоят қилишган.
Ҳар Рамазонда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Куръони Каримни Жаброил алайҳиссаломнинг ҳузурларида ўқиб, ўтказиб олишлари у зотнинг умматлари учун ўрнакдир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон шахс ҳам Рамазонда Куръони Каримни камида бир марта назардан ўтказиб олиши лозим. Рамазонда хатм қилиш шундан олинган.
Уч кундан кам муддатда хатм қилиш макруҳдир. «Сунан» соҳиблари ривоят қилган ва Термизий саҳиҳ деган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амр
розияллоҳу анҳуга: «Ким уни уч кундан озда ўқиса, уни англамайди», деганлар.

Қавмнинг дангасалиги туфайли уни тарк қилинмайди.
Хатми Куръонни суннат сифатида қилинаверади. Малол кўрганлар хоҳламаса, иштирок этмай қўяверадилар. Савоб умидида бўлганлар иштирок этаверадилар.

Рамазондан ташқарида витрни
жамоат билан ўкилмайди.
Витрни фақатгина Рамазонда жамоат билан ўқилади.

© Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Кифоя» китоби 1-жузи асосида тайёрланди.

Telegram каналимизга аъзо бўлинг
.................................................................