Google Play orqali oling
"Эй нафс"

Молик ибн Динор роҳматуллоҳи алайҳи шундай дейдилар:
"Бир кун бир боланинг ёнидан ўтиб кетаётгандим. Бола тупроқ ўйнар, бир кулиб, бир йиғларди. Унга салом бермоқчи бўлдим, лекин нафсим буюклиги ғолиб келиб, бундай қилдирмади. Сўнгра ўз-ўзимга дедимки:

— Эй нафс! Набий алайҳиссалом катталарга ҳам, кичикларга ҳам салом берарди. Олдига бориб, салом бердим.

— Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, эй Молик ибн Динор! дея алик олди. Ажабланиб сўрадим:

— Бирор марта кўришмаган бўлсак, сен мени қаердан танидинг? У дедики:

— Ғайб оламида руҳим руҳингизга дуч келганида ҳамиша тирик ва ҳеч қачон ўлмайдиган Аллоҳ менга сизни танитди. Сўрадим:

— Ақл ва нафс орасидаги фарқ нимада? Дедики:

— Менга салом бермасликни хоҳлаган нафсингиздир, салом бердирган эса ақлингиз. Ҳайратда сўрадим:

— Нега тупроқ ўйнаяпсан, дардинг нима? У жавоб берди:

— Чунки биз ундан яратилдик, яна унга қайтамиз. Такрор сўрадим:

— Уни ўйнаб, бир кулиб, бир йиғлаётганингни кўряпман.

— Ҳа, Роббимнинг азобини кўзимнинг олдига келтириб йиғлаяпман, раҳматини эслаб эса куляпман, деди. Дедимки:

— Болагинам, ҳали сени қандай ҳам гуноҳинг бўлсинки, йиғлайсан? У менга:

— Ундай деманг, амаки! Мен ҳар доим кўраманки, онам катта ўтинларни ёқиш учун уни кичик-кичик шохчалар билан туташтиради. Шунинг учун йиғлаяпман".

Телеграм каналимизга аъзо бўлинг
.................................................................