Google Play orqali oling
Исломий атамалар

Ислом Одам алайҳиссаломдан то Муҳаммад (с.а.в) гача юборилган барча динларнинг умумий номидир. Бу ҳақиқатни далили ўлароқ Қуръони каримда: "Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир" дея марҳамат қилинади (Оли Имрон сураси, 19-оят). Бу ҳақиқат бошқа бир ояти каримада шундай ифода этилади: "Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир"(Оли Имрон сураси, 85-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам "Жаброил" ҳадисида "Ислом нима?" саволига "Ислом — Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва Мухаммад Аллоҳнинг Расули эканига гувоҳлик бермоғинг, намозни қоим қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, имкон бўлган заҳоти Каъбани зиёрат этмоғинг" дея марҳамат қилганлар.

"Имон нима?" саволига: "Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ишонишингдир. Яна қадарга, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан эканига имон келтиришингдир" дея марҳамат қилдилар.

"Эҳсон нима?" саволига "Эҳсон Аллоҳга Уни кўриб тургандек ибодат қилишингдир. Сен Уни кўрмасангда У сени албатта кўради" деб марҳамат қилдилар.

Қуръони карим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга юборилган, илоҳий китобларнинг охиргисидир. Илоҳий амрларни ўзида мужассам қилган Қуръони карим ва шу билан бирга Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннати барча мусулмонлар учун йўл кўрсатувчи раҳбардир. Бутун инсониятга раҳмат қилиб юборилган ўрнак шахс Пайғамбар алайҳиссалом 23 йиллик набавий ҳаётида бизларга Қуръон ва Суннатни мерос қилиб қолдирган. Жумладан бир ҳадиси шарифда шундай мархамат қилинади: "Сизга икки нарсани қолдиряпман, уларни маҳкам ушласангиз йўлингизни асло йўқотмайсиз. Булар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарининг суннатидир". (Муваттоъ, Қадар, 3)

Дуо Аллоҳ таоло билан алоқада бўлиш, Унга чин кўнгилдан юзланмоқ, ниятини бирор воситасиз айтиш демакдир.

Зикр бутун тасаввуфу тарбия йўлларида набавий бир усул ва омонат ўлароқ давом этиб келаётир. "Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур". (Раъд сураси, 28-оят)
Зикр очиқ ёки махфий шаклларда, белгиланган одатлар ёки ҳар хил тартибларда қилинган муҳим асосдир. Зикр эсламоқдир. Аллоҳни эслаш ҳар хил кўринишларда бўлиши мумкин. Қуръон ўқимоқ, дуо қилмоқ, истиғфор айтмоқ, тафаккур қилмоқ, "алхамдулиллаҳ" демоқ, шукр қилмоқ зикрдир.

Telegram каналимизга аъзо бўлинг
................................................................