Google Play orqali oling
Аёлидан шикоят қилиб келган кишига Умар (р.а)нинг насиҳати

Бир киши хулқ-атворидан қониқмайдиган хотинидан шикоят қилиш учун халифа Ҳазрати Умар (р.а)нинг уйига боради. Эшик олдида ўтириб, халифанинг чиқишини кутади. Шу пайт ичкарида шовқин кўтарилади. Ҳазрати Умарнинг аёллари кимсан халифага бақира бошлади. Лекин Ҳазрати Умар бир оғиз ҳам сўзламайди.

Бу ҳолатни тасодифан эшитиб қолган ҳалиги киши беихтиёр бўйнини эгиб:
«— Қанчалик улуғворлигига қарамай, мўминлар амирининг ҳоли шундай бўлса, у менинг муаммомга қандай ечим топа оларди?» дея ўйга толди.  Энди қайтиш учун ўрнидан турган пайтида Ҳазрати Умар чиқиб келдилар ва
«— Тинчликми, сенга нима бўлди?» деб сўради. Киши:
«— Эй мўминлар амири! Мен хотинимнинг ёмон хулқ-атворидан, мени ҳурмат қилмаслигидан шикоят қилгани келгандим. Аммо сизнинг аёлингиз ҳам сизга муносиб бўлмаган сўзлар айтганини эшитиб, таслим бўлиб, орқага қайтаётгандим». дейди.

Бунга жавобан Ҳазрати Умар у кишига шундай деди:
«- Биродарим, хотинимнинг мендаги ҳақлари сабабли ундан жаҳлим чиқмайди. Чунки у менинг ошпазим, новвойим, кир ювувчим ва болаларимга оқ сут берган онасидир. Аслида у буларнинг барчасини бажаришга мажбур эмас. Қолаверса кўнглимнинг ҳаромга мойил бўлишидан тўсувчи ҳам у. Шунинг учун мен унинг қилган ишига тоқат қиламан».

Киши: «Эй мўминлар амири! Менинг аёлим ҳам худди шундай» деганида Ҳазрати Умар:
«Қани, биродарим, у ҳолда аёлингга яхшилик қил! Зотан ҳаёт деганинг кўз очиб юмгунча ўтиб кетади!» дея у одамни юпатди. (Заҳабий, «ал-Кабоир», 179-бет).

Telegram каналимизга аъзо бўлинг
................................................................