Google Play orqali oling
Жон, мол ва авлод инсоннинг кўнглига тахт қурган уч хусусдир. Кўнгил эса Аллоҳга оиддир

Аллоҳ таоло нафсоний орзулар ва ўткинчи ҳаваслар билан булғанган бир қалбни саховат ва муҳаббати билан сийламайди. Аллоҳнинг муҳаббатидан насибадор бўлишнинг шарти покиза қалбдир.

Покликка эришиши учун қалбнинг:
- куфр, ширк ва нифоқ каби имондан айирувчи кирлардан;
- риё, кибр, худбинлик, бахиллик каби мўминга асло ярашмайдиган иллатлардан;
- ғийбат, жосуслик ва ёлғон каби қариндошликни бузувчи ҳаром ишлардан;
- бойлик, шуҳрат ва шахват каби дунёвий ва нафсоний орзулардан покланиши шартдир.

Банда бу дунёга ўзини кўрсатиш, кибр, худбинлик қилиш учун келмаганини, балки Ҳақ таолонинг қаршисида бир чорасиз, ожиз қул эканини ҳис қилиб яшаши керак.
Мана шундай соф ва гўзал сифатлар билан зийнатланган пок қалбга Ҳақ таоло ташриф буюради.

Ваҳб ибн Мунаббиҳ (р.а) ўтган пайғамбарлардан қилган ривоятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилганини нақл қилади:
"Мен кўкларга ва Ерга сиғмайман, лекин тақволи ва юмшоқ қалбли мўмин бандамнинг қалбига сиғаман".

Ҳадиси қудсийда эса Роббимиз шундай марҳамат қилади:
"Бандам менга (фарзлардан ташқари қилган) нафил ибодатлар билан тўхтамасдан яқинлашади, ниҳоят Мен уни яхши кўриб қоламан. Бандамни севгандан кейин Мен унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли, юрадиган оёғи, тафаккур қиладиган қалби ва гапирадиган тили бўламан. Мендан нимаики сўраса, уни албатта бераман. Мендан паноҳ сўраса, уни ҳимоя қиламан".

Ҳақ таоло билан дўст бўлмаслик эса энг буюк бадбахтликдир. Қуйидаги қисса бу ҳақиқатни янада яхшироқ англашга ёрдам беради:

Ривоятга кўра Исо алайҳиссалом ранги сарғайган ва икки чаккаси осилган ҳаста бир кишига дуч келди. У инсон ўзидаги касалликлардан умуман хабарсиз ҳолда ўз-ўзига шундай сўйлаётганди:
Эй Роббим! Сенга беҳисоб ҳамд-у санолар бўлсинки, инсонларнинг жуда кўпчилигини мубтало қилган дардингдан мени халос айладинг!..
Исо алайҳиссалом муҳаббатини қанчалик англаши ва маънавий камолини билмоқ учун унга:
"Эй ғариб одам! Аллоҳ сени халос айлаган қайси дард экан?!" деди.
Ҳаста шундай жавоб берди:
"Эй Руҳуллоҳ! Энг даҳшатли касаллик ва бало қалбнинг Ҳақдан ғофил ва маҳрум бўлишидир. Шукрлар бўлсинки, мен Аллоҳ таоло билан бирга бўлишнинг завқ, лаззат ва меҳрибончилиги ичидаман. Ҳатто вужудимдаги ҳасталиклардан ҳам хабарим йўқ..."

Telegram каналимизга аъзо бўлинг
....................................................................