Зулҳижжанинг ўн куни
Зулҳижжанинг ўн куни дейилганда бу ойнинг биринчи ўн кунлиги кўзда тутилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоху алайҳи васаллам:
«Ҳеч бир кундаги солиҳ амал Аллоҳ учун ушбу ўн кунчалик маҳбуб эмас», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам-а?!» дейишди.
«Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам. Бироқ, бир одам жони ва моли билан чиқса-ю, булардан ҳеч бири қайтмаса, бундан мустасно», дедилар». Термизий, Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ушбу ўн кунчалик», деганлари Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлиги, деганларидир.
Мулоҳаза қиладиган бўлсак, бу ҳадисда мазкур кунларда рўза тутиш ҳакида бевосита сўз юритилаётгани йўқ. Балки солиҳ амал қилиш ҳақида сўз кетмокда. Нафл рўза тутиш эса энг солиҳ амаллардан бири ҳисобланади.
Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунида кўпрок солиҳ амал қилишга қаттиқ тарғиб этишдан мурод, ўша кунлари қилинадиган солиҳ амаллар Аллоҳ учун энг маҳбуб амал эканлиги сабабидандир.
Демак, Зулҳижжа ойининг биринчи
ўн кунлигида кўпроқ солиҳ амаллар
қилишга уринмоғимиз лозим.
«Умму Салама ёки Ҳафса розияллоҳу анҳумолар дедилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжанинг тўққиз кунида ва Ашуро кунида рўза тутар эдилар».
Абу Довуд, Насоий ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Шарҳ: Албатта, бу рўза тутиш у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажга бормаган пайтларида бўлган. Чунки Зулҳижжа ойи ҳаж ойи бўлиб, унинг тўққизинчи куни Арафот куни бўлади ва у куни рўза тутиш мумкин эмаслиги ҳадисларда зикр қилинган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ учун Зулҳижжанинг ўн куничалик Унга ибодат қилинадиган маҳбуброқ кун йўқ. Уларнинг бир кунлик рўзаси бир йиллик рўзага тенгдир. Уларнинг бир кечасини бедор ўтказиш эса Қадр кечасини бедор ўтказишга тенгдир», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ва ундан олдинги ҳадисларда Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигида кўп ибодат қилишга, хусусан, ўша ўн кунликнинг кундузларини рўза тутиб, кечаларини ибодат билан бедор ўтказишга тарғиб қилинмоқда.
Албатта, Зулҳижжанинг ўнинчи куни Қурбон ҳайити байрами бўлиб, ўша куни рўза тутиш мумкин эмаслиги алоҳида айтилмаган, чунки бу ҳаммага маълум.
© Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг "Ҳадис ва ҳаёт" тўплами 9-жузи асосида тайёрланди.
Telegram каналимизга аъзо бўлинг
..............................................................