Google Play orqali oling
Омонатдорлик

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Динингиздан энг аввал йўқотадиган нарсангиз омонат ва энг охиргиси намоз бўлади», дедилар.
Имом Табароний ривояти.

Бу ҳадис Аллоҳ йўлида чин мусулмон бўлишни ният қилган яхши инсонларни ҳушёрликка чақиради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), охирзамон одамларида омонатдорлик камайиб кетади, ҳатто намоз ўқиб юрган одамларнинг ҳаммаси ҳам омонатдор бўла олмайди, деб огоҳлантирмоқдалар.

Омонатдорлик бошқаларнинг сирлари ва ҳақларини сақлаш, одамларнинг ҳаққидан қўрқиш, ростгўй, оқкўнгил бўлишдир.
Бу сифатларни Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга ёшлик пайтларидаёқ берган эди. У кишининг ростгўй ва омонатдорликларига ҳатто кофирлар ҳам тан беришган. Бу сифатлар бугун ҳам Пайғамбаримизни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яхши кўрадиган чин мусулмонларда топилади.

Аммо замон охирлашгани сайин одамларда иймон заифлашиб кетади, омонатдорлик камайиб боради. Қиёмат яқинлашганида одамлар орасидан энг биринчи бўлиб омонатдорлик ва бошқа яхши сифатлар кўтарилади. Энг охири фақат намоз ўқиш қолади, холос.
Демак, ҳозир баъзиларимизда намоздан бошқа яхши хислатлар кўринмаётгани шундан экан-да. Аллоҳ сақласин! Шунинг учун намоз ўқийдиган ҳар бир мусулмон ўзини тез-тез текшириши ва "Мен ҳам ҳадисда айтилган омонатдорлиги йўқ мусулмонлардан бўлиб қолмадиммикан?" деб қўрқиб туриши керак. Мўмин одам омонатга ҳаргиз хиёнат қилмаслиги лозим. Омонатни ўз вақтида адо этиш инсонлар ўртасидаги алоқаларнинг яхшиланишига сабаб бўлади.
Анасдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Агар сизларни Аллоҳ ва Расули яхши кўришини хоҳласангиз, уч хислатга — рост сўзлаш, омонатни адо этиш ва яхши қўшничиликка риоя қилинглар».
Мўмин одам доимо рост сўзлайди ва омонатга риоя қилади.

Омонат икки хил бўлади: Аллоҳнинг омонати ва одамларнинг омонати. Аллоҳнинг омонати У Зот буюрган ибодатлардир. Одамларнинг омонатлари эса, уларнинг маънавий ва молиявий ҳуқуқларидир. Мусулмон одамга ҳар икки омонатни ҳам адо этиш фарз. У Аллоҳ ва Расулининг буйруқларини бажаради, одамларнинг ҳақларини ҳам адо этади. Бировнинг молини рухсатсиз олмайди, унинг махфий сирларини фош қилмайди. Шунингдек, мусулмон киши қўшнисини ҳурмат қилади. Қўшничиликнинг маъноси жуда кенгдир: яшаётган ерида қўшни бўлиш, ишлаётган ёки ўқиётган жойида қўшни бўлиш, ҳатто сафарда қўшни бўлиш ва ҳоказо. Ҳар қандай ҳолатда ҳам мусулмон киши олижаноб бўлишга, ён-атрофидагиларни хафа қилмасликка интилади.

Хулоса шуки, Аллоҳ ва расулининг муҳаббатига сазовор бўлиш учун мўминлар ёлғон гапиришдан сақланиш, омонатга хиёнат қилмаслик ва қўшнилар билан яхши муносабатда бўлишга жиддий аҳамият беришлари лозим бўлади...

© Зиёвуддин Раҳимов

Телеграм каналимизга аъзо бўлинг
..........................................................