Google Play orqali oling
«У бирон сўз талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру-нозир бўлган бир кузатгувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)»

Тақво сўзи Қуръон ва ҳадисларда Аллоҳдан қўрқиш, дўзахдан сақланиш, парҳезкорлик ва бошқа мазмунларда келади. Динга жуда берилган, художўй, ўзини ҳаром ва шубҳалардан саклаб юрувчи одам муттақиʼ яъни тақводор деб аталган.  Бирор гуноҳ қилиб қўйиш қўрқуви сабабидан Қуръони карим оятларидан бошқа бир сўз айтмаган тақволи бир аёлнинг ҳоли қанчалар ибратли экан:

Абдуллоҳ ибн Муборак ҳазратлари айтадилар:
   "Аллоҳнинг Байтини ҳаж қилиш ва пайғамбар (s.a.v)ning қабрларини зиёрат қилиш мақсадида йўлга чиқдим. Йўлда бир шарпа кўрдим. Яхшилаб қарадим, қарасам устида жундан паранжи, бошида ҳам жундан рўмол кийган ёлғиз бир аёл!..
Унга:
"- Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ", дея салом бердим.

У эса Ёсин сурасидан:
«(Уларга) Меҳрибон Парвардигори томонидан салом айтилур» (Ясин сураси, 58 оят) оятини ўқиб саломимга алик олди.

"- Аллоҳ сени яхшилик билан сийласин! Сен бу ерда нима қиляпсан?" дея сўрадим.

Аъроф сурасининг 186-оятидан:
«...Кимни Аллоҳ адаштириб қўйса, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас» қисмини ўқиди.
Англадимки, йўлидан адашиб шу ерда қолиб кетибди.
Унга:
"- Қаерга кетмоқчисан?" дедим. Исро сурасининг 1-оятидан «...(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжид-ал-ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжид-ал-Ақсога сайр қилдирган» қисмини ўқиди. Тушундимки, ўзи ҳаж қилган, энди эса Байтул Мақдисга кетишни истаяпти.
Унга:
"- Сен неча кундан бери бу ердасан?" деб сўрадим.

Марям сурасининг 10-оятидан: «...Сенга белги шуки, соппа-соғ бўлган ҳолингда уч кунгача...» қисмини ўқиди.

"- Ёнингда ейдиган овқатинг ҳам йўқ бўлса керак?" дедим.

Шуаро сурасининг: «Унинг Ўзигина мени тўйдирур ва қондирур» маъносидаги 79-оятини ўқиди.

"- Сен бу сувсиз чўлда нима билан таҳорат қиляпсан?" дея сўрадим.

Нисо сурасининг 43-оятидан «...ва сув топа олмасангиз покиза тупроқ билан таяммум қилиб, юз ва қўлларингизга суртинглар» бўлимини ўқиди.

"- Мени ёнимда егуликлар бор. Ейсанми?" дедим.

Бақара сурасининг 187-оятидан: «...Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» қисмини ўқиди.

"- Бу ой Рамазон ойи эмаску?" дедим.

Бақара сурасининг 158-оятидан: «Ва ким ўз ихтиёри-ла яхшиликни ният қилса, бас, албатта Аллоҳ шукр қилгувчи (тақдирловчи) ва билгувчидир» қисмини ўқиди.

"- Сафарда бизга ифтор мубоҳ қилинган эдию?" дедим.

Бақара сурасининг 184-оятидан «Агар билсангиз, рўза тутишингиз ўзингиз учун яхшироқдир» бўлимини ўқиди.

"- Нима учун мен сенга гапираётганим каби гапирмаяпсан?" деб сўрадим.

Қоф сурасининг: «У бирон сўз талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру-нозир бўлган бир кузатгувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» маъносидаги 18-оятини ўқиди.

"- Сени туямга миндириб,
карвонингга етқазиб қўяйми?" дедим.

Бақара сурасининг 197-оятидан: «Қандай яхши амал қилсангиз, албатта Аллоҳ билади» маъносидаги қисмини ўқиди.

Уни миндириш учун туямни ҳозирладим. Нур сурасининг 30-оятидан: «Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар...» маънодаги қисмини ўқиди.

Туяга мингунча Зуҳруф сурасининг 13-14 оятларидан: «Бизларга бу (кема ёки от-улов)ни бўйсундириб қўйган зот (яъни Аллоҳ барча айбу-нуқсондан) покдир. Бизлар ўзимиз бунга қодир эмас эдик. Шак-шубҳасиз бизлар (барчамиз) Парвардигоримизга қайтгувчидирмиз» қисмини ўқиди.

Йўлга чиқишда ҳам Музаммил сурасининг 20-оятидан: «Бас, (ўзларингизни қийнамай Қуръондан) муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар» маънодаги бўлимини ўқиди.

Мен эса «Кимга ҳикмат берилган бўлса, бас, муҳаққақки, унга кўп яхшилик берилибди» (Бақара сураси, 269 ояти) оятидан илҳомланиб: "- Сенга кўп яхшилик берилибди!" дедим.

У эса ўша оятнинг давомидаги: «..Ваъз-эслатмаларни фақат аҳли донишларгина оладилар» (Бақара сураси, 269-ояти) маънодаги бўлимини ўқиди.

Ниҳоят карвонга етиб олдик ва:
"- Мана, карвонинг. Унинг ичида сенинг киминг бор?" дедим.Каҳф сурасининг 46-оятидан: «Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир» маънодаги қисмини ўқиди. Тушундимки, карвон ичида ўғиллари бор.

"- Уларнинг ҳаж карвонидаги вазифалари нима?" дедим.

Наҳл сурасининг: «Ва (у йўлларга) белгилар (қилиб қўйди. Кечаларда эса кишилар) юлдузлар билан йўл топурлар» маънодаги 16-оятини ўқиди. Демак, ўғиллари йўл кўрсатувчи экан. Чодирлар ва биноларни кўрсатиб:

"- Уларнинг ичида сенинг ўғилларинг қайсилар?" деб сўрадим.

Нисо сурасининг 125-оятидан: «..Иброҳимни Аллоҳ Ўзига дўст тутган» қисмини, 164-оятидан «Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди» маънодаги қисмини, Марям сурасининг 12-оятидан «Эй Яҳё, Китобни (яъни Тавротни) маҳкам ушлагин...» маънодаги бўлимини ўқиди.

Шундан сўнг мен:
" - Эй Иброҳим, эй Мусо, эй Яҳё" деб чақирсам, паҳлавондек уч йигит чиқиб келди. Келиб ўтирганларида оналари уларга Каҳф сурасининг 19-оятидан: «..Энди бир кишини мана шу пулингиз билан шаҳарга жўнатинглар, у энг сара, покиза таомларни танлаб, сизларга ундан ризқ, насиба олиб келсин...» маънодаги қисмини ўқиди. Йигитлардан бири бориб, егулик сотиб олди ва олдимга қўйдилар.

Аёл Ҳаққо сурасининг: «Ўтган кунларда (яъни ҳаёти дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) пок билиб еб-ичаверинглар» маънодаги 24-оятини ўқиди. Лекин мен аёлнинг ўғилларига:

" - Энди сизлар менга онангизнинг бу ҳолати ҳақида айтиб бермагунингизча, овқатингиз менга ҳаром бўлсин!" дедим.

Бунга жавобан йигитлар: "Бу бизнинг онамиз. Раҳмон бўлган Аллоҳга бирор хато қилиб қўйишдан қўрқиб, қирқ йилдан бери Қуръони карим оятларидан бошқасини гапирмайди!" дедилар.

Мен эса Жума сурасининг: «Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишиларга берур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир» маънодаги 4-оятини ўқидим".

Telegram каналимизга аъзо бўлинг
.........................................................