Google Play orqali oling
Комил мўминнинг 5 сифати

1. «Фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинганида қалбларига қўрқинч тушадиган,
2. Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган
3. ва Парвардигорларигагина суянадиган кишилар (ҳақиқий) мўминдирлар.
4. Улар намозни тўкис адо этадилар
5. ва Биз уларни баҳраманд қилган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладилар». (Анфол сураси, 2-3 оятлар)

Бу оятларда баҳс этилганлар иймонларини камолга етказган мўминлардир. Уларнинг асосий сифатлари саналмоқда ва буларнинг эвазига уларга берилажак мукофотлар келтирилмоқда:

- Аллоҳ зикр қилинган пайтда Унинг буюклигини, қудрат ва қувватининг чексизлигини ўйлаб, уларнинг юраклари титрайди, қалтирайди. Аллоҳ зикрини эшитар-эшитмас қалблари ҳаракатга келиб, ҳислари жўшади ва ҳаяжонлари ортади.

Зеро уларнинг қалбларида Аллоҳнинг муҳаббати ва қўрқуви ҳамма нарсадан кўпроқ жойлашиб, илдиз отган. Қалбларидаги иймон нури уларни нафснинг кир ва ифлосликларидан тозалаб, унга латифлик беради. Шундай қилиб бу қалблар ғамгинлик ва қалб қаттиқлигидан қутулиб, Аллоҳнинг зикрига юмшайдилар. Оятнинг бу қисми Аллоҳнинг зикри мўминнинг қалбига энг биринчи қилган таъсиридир, «Улар иймон келтирган қалблари Аллоҳни зикр қилиш — эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур» ояти эса ҳаловатли ниҳояни ва хотиржамликни ифода этади. Бу хусусда Абу Бакр (р.а)нинг қуйидаги сўзларидан кўп маънолар оламиз: «Исломга эндигина кирган бир гуруҳ инсонлар келди. Қуръони карим тиловатини эшитсалар йиғлардилар. Абу Бакр уларга: «Биз ҳам Исломга илк кирган пайтимизда шундай эдик, кейин қалбларимиз қаттиқлашди» деганлар. У бу сўзлари билан ҳузур ва хотиржамликнинг сўнгги даражасида бўлганига ишора қилмоқда.

- Уларга Аллоҳнинг оятлари ўқилган пайт уларнинг иймонларини орттиради. Нозил бўлган ҳар сура, ҳар оят янги мавзулардан баҳс этиб, янги далиллар келтирганидан уларга ишонган мўминларнинг ҳам иймонларини орттирмоқдадир.

Яна бошқа бир ояти каримада шундай марҳамат қилинади:

"Қачон бирон сура нозил қилинса, улардан (яъни, мунофиқлардан) бўлган кимсалар (масхара қилишиб): «Қани, бу сура қайси бирларингизнинг иймонларингизни зиёда қилди?» дейишади. Бас, у (сура) иймон келтирган зотларнинг иймонларини албатта зиёда қилур ва улар шод-хуррам бўлурлар. (Тавба сураси, 124-оят)

-Улар ёлғиз Роббларига таваккул этадилар. Ишларини фақатгина Унга ҳавола қиладилар, ёлғиз Ундан ёрдам кутадилар. Кўнгилларини ўткинчи мол, бола-чақа, мартаба ва шуҳратга эмас, балки Аллоҳга боғлайдилар. Аллоҳ хоҳлаган иш бўлиши, хоҳламагани эса асло бўлмаслигини жуда яхши биладилар.

- Бошқа тарафдан улар иймон нури билан Ҳақнинг жамол ва жалоли ҳақида мушоҳада қилганлари учун, Ҳақдан бошқасини кўрмоқ ва у билан машғул бўлмоққа фурсат тополмайдилар.

-Улар ич ва бадан поклиги, фарз, вожиб, суннат ва одоблари билан намозни тўкис адо қиладилар.

-Улар Аллоҳнинг ўзларига берган моддий ва маънавий имкониятларидан муҳтожларга ёрдам қилган ҳолда фойдаланадилар.

- Бу сифатларга соҳиб кишилар ҳақиқий мўминлар бўлиб, уларга охиратда қуйидаги мукофотларнинг берилиши хушхабари берилмоқда:

• Мўминларга амалларига қараб жаннатда юксак даражалар берилади ва Аллоҳга яқинликлари ортади.
• Уларнинг гуноҳлари кечирилади, Аллоҳнинг чексиз афв ва мағфирати соясида барча хато ва қусурлардан ҳоли бўлиб, топ-тоза ҳолга келадилар.
• Уларга сахийлик билан икром қилинган, битмас-туганмас, ҳисоб бериш қўрқуви бўлмаган мўл-кўл ризқлар эҳсон қилинади.

Telegram каналимизга аъзо бўлинг
...............................................................