Ассалому алайкум, азиз диндошлар!
Қўшалоқ айёмларингиз Рамазон ҳайитингиз ва жума айёмингиз муборак бўлсин. Қилганингиз ва ниятда бўлганингиз барча амалларни Аллоҳ қабул айласин ва йил бўйи бардавом бўлишни насиб қилсин.
Қуйида ийдул Фитр ҳақида айрим савол ва уларнинг жавоблари:
Ассалому алайкум! 1. Рамазон ҳайитидан кейин қазо рўзаларимни тутиш учун эримдан руҳсат сўрашим керакми ё қазо рўза ҳам фарз ҳисобланадими? 2). Ҳайитнинг иккинчи кунидан қазо рўза тутиш мумкинми ё 3 кун ҳайитда тутилмайдими? 3). Бир кун саҳарликка ухлаб қолиб тура олмадим ва кечқурун будилникни қўйиб "эртага рўза тутаман" деган ниятим кифоя деб ҳисоблаб ўтар рўза тутдим. Бу куннинг қазосини тутишим шарт эмасми? Жавобларингиз учун раҳмат.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
- Ва алайкум ассалом! 1). Фарз ҳисобланади.
2). Мумкин. Тўрт кун ҳайит қурбонлик байрамида бўлади.
3). Шарт эмас. Валлоҳу аълам!
Ассалому алайкум! Ҳурматли зикр аҳли, излаш хизматидан керакли жавоб топилмади, Рамазон ҳайити намозига бирор таомми, мевами, ширинликми, еб олиб, кейин борилса, суннатга мувофиқ бўлишини ўқидим. Саволим қуйидагича, ҳайит намозидан олдин таомланиш вақти қайси пайтда бўлади саҳарлик вақтидами ёки намоздан бироз вақт олдинми ?
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Саҳарликдан кейин намоз ўқилгунча. Валлоҳу аълам!
1. Агар Рамазон ҳайити пайшанбага тўғри келса жума кунидан Шаввол ойининг 6 кунлик рўзасини тутишни бошласа бўладими?
2. Шанба куни яҳудийлар рўза тутар экан, якшанба куни эса насоролар. Шу кунлари рўза тутиш мумкинми ёки макруҳми? Жавобингиз учун катта раҳмат ҳазрат, илмингиз янада зиёда бўлсин!
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
– Ва алайкум ассалом! Мумкин.
Мендан яқинда бир танишим Ийд рамазон байрами ва Қурбон ҳайити байрамлари куни ишламаслиги ва у кунида топган пули ҳаром бўлишлиги тўғрисида сўради, мен билмайман дедим. Ҳазрат, шу байрам куни ишлаган пуллари ҳаром бўладими? Аллоҳ илмингизга ва умрингизга барака ато этсин.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
- Ҳаром бўлмайди. Шариатда ҳаж қилиб юриб ҳам савдо қилишга рухсат берилган. Одамлар ўзларини билимдон қилиб кўрсатиш учун бундай нарсаларни тўқийверадилар.
Ассалому алайкум! Устозлар, биз томонларда Рамазон ва Қурбон ҳайити намозидан сўнг қабристонга ва вафот этган инсонларникига зиёратга боришади. Шу амаллар шариатимизда борми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат. Аллоҳ таоло қилаётган хайрли ишларингизни ажр савобини кўпайтириб берсин. Омиин
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Ҳайит кунларини азага айлантириб олиш. Икки ийд кунлари мўмин- мусулмонларнинг энг улуғ байрамлари ҳисобланади. Диний манбаъларимизда бу кунларни хурсандчилик, шодлик руҳида, байрам кайфиятида ўтказилиши кераклиги таъкидланган. Аммо ҳайит кунлари фотиҳахонлик қилиш, Ҳайит кунларини азага айлантириб олиш мутлақ жоиз эмас. Бугунги кунда бу одат мусийбат аҳилларига ҳам кўплаб қийнчиликлар туғдираётгани ҳеч кимга сир эмас. Баъзан бу нарса азадорларнинг ярасини янгилаш, машаққатлари устига яна машаққат туғдириш бўлаётганининг ҳам гувоҳи бўлмоқдамиз. Шунинг учун ҳам уламоларимиз уч кундан кейин таъзия билдириш узоқдаги кишилар учундир. Бошқаларнинг мазкур муддатдан кейин таъзия билдириши мусийбатни янгилаш бўлади, бу эса мусийбат аҳлига оғир келади, кўзланган мақсадга зид иш бўлади, деб айтганлар. Тўғри, мусийбатга учраган айрим кўнгил яқин кишиларни ҳайит муносабати билан йўқлаш мумкин. Аммо бу ҳам аза тутиш кайфиятида қилинмайди. Эҳтимол, ана шундай кўнгиловлаш шаклида йўлга қўйилган иш кейинчалик фотиҳахонликка айланиб кетгандир. Шу боис, ҳайит кунларини азага айлантириб олиш тўғри бўлмайди. Ушбу кўрсатмалардан ҳам маълум бўладики, мусулмонларнинг байрам нишонлаши ўзига хос тарзда бўлади. Аввало улар ушбу кунларга етказганининг шукронаси маъносида Аллоҳ таолога бандалик изҳор қилишади – жамоат бўлиб, ҳаммалари бир бўлиб намоз ўқишади, Аллоҳ таолога илтижолар қилишади, берган неъматлари учун У Зотга ҳаду шукрлар айтишади. Кейин бир-бирларини ҳайит билан қутлаб, зиёратлар қилишади.Бева-бечоралар, беморлар ҳолидан хабар олишади, қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар билан ўзаро борди-келдилар қилишади. Ўйин-кулгиларини ҳам ахлоқ-одоб доирасида, Аллоҳ таолога осий бўлмаган ҳолда олиб боришади. Ана шундоқ қилиб, ҳайит кунларини фақат яхшилик билан, эзгу амаллар билан ўтказишади. Шунинг учун, уларнинг байрамларида турли тартибсизликлар, ҳар хил нохушликлар юз бермайди, балки ҳолатлари янада гўзаллашади. Зотан, мўмин банданинг ҳайити – Аллоҳга боғлиқлиги гўзал бўлган кунидир. Валлоҳу аълам!
Telegram каналимизга аъзо бўлинг
................................................................