Минг ойдан яхшироқ кеча.
Аллоҳ жалла шаънуҳу:
«Албатта, Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик. Қадр кечаси нима эканлигини сенга нима билдирди? Қадр кечаси минг ойдан яхшидир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир. У то тонг отгунча салом (тинчлик)дир», деган (Қадр сураси, 1-5-оятлар).
Шарҳ: Ушбу суранинг номи биринчи оятидаги «Лайлатул Қадр» калимасидан олинган. Бу муборак кеча икки хил маънода «қадр», деб аталади. Биринчиси «қадр», яъни қадри улуғ, иккинчиси «қадар», яъни бандаларнинг қадарини белгилашдир.
Чунки Қадр кечаси қадри улуғ кечадир. Қадр кечасида бандаларнинг бир йиллик қадарлари тақдирлари белгиланади ва сураи карима бошидан охиригача муборак Қадр кечасига бағишлангандир.
Барча халқларда ўтган улуғ кишиларни, машҳур кунлар, дастурлар ёки бошқа муносабатларни байрам қилиш одат тусига кирган. Улар ана шу байрамларда еб-ичиш, ўйнаб-кулиш, ароқхўрлик, турли фисқу фужурни хоҳлаганча қилишга қулай фурсат топадилар.
Исломда эса байрам ўзига хос бўлади. Илоҳий дастур байрами бўлмиш Қадр кечаси шулардан биттасидир. Чунки худди шу кечада Қуръони Карим нозил этила бошлаган. Бу байрамда қалбни поклаш, виждонни сайқаллаш имкони бор. Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун ҳам бу кечада бедор бўлиб, ухламасдан ибодат қилинади.
Қадр сурасида Аллоҳ таолонинг мусулмонларга Ўзи берган улкан неъмати — уларни зулматдан нурга олиб чиққан Қуръони Каримни нозил қилганини эслатиши бежиз эмас.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Лайлатул Қадрни иймон ва савоб умидида қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Қоим» лафзи луғатда «тик туриш» маъносини англатади. Истилоҳда эса кечани ибодат билан ухламай ўтказишга айтилади.
Қадр кечасини бедор ўтказиш қандай бўлади? Бу саволга уламоларимиз батафсил жавоб берганлар.
Аввало, бу кечани қоим бўлиб ўтказиш учун ўша кеча Хуфтон ва Бомдод намозларини жамоат билан ўқиш керак. Чунки бир ҳадисда «Ким Хуфтонни жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини бедор ўтказган бўлади», дейилган.
Бошқа бир ҳадисда эса «Ким Бомдод намозини жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини бедор ўтказган бўлади», дейилган.
Қолаверса, кечанинг қолган қисмида нафл ўқиб, Қуръон тиловат қилиб, зикр ва дуо қилиб чиқиш лозим.
Ана шунда кечани бедор ўтказган бўлади ва ҳадисдаги Қадр кечасини иймон ва ихлос билан қоим бўлиб ўтказганларга қилинган ваъдаларнинг мағфират қилинишига эришилади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади:
«У зотга ўзларидан аввалги одамларнинг умрлари ёки шундан Аллоҳ хоҳлаганича кўрсатилди. У зотга умматларининг умри улардан бошқалар умрлари узунлиги ила етган нарсага амал билан ета олмайдиган (даражада) қисқа кўринди. Аллоҳ таоло у зотга минг ойдан яхши бўлган Лайлатул Қадрни ато этди».
Имом Молик ривоят қилган.
Шарҳ: Аввал ўтган умматларнинг умрлари узун бўлганлиги учун улар кўп солиҳ амаллар қилиб, кўп савоб олишга муяссар бўлганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буни билганларидан кейин, у зотга умматларининг умри қисқа кўриниб кетган.
Узун умрли умматларга ҳавас қилгандек бўлганлар. Ўз умматларининг умри ҳам узун бўлишини, улар ҳам кўп яхши амал қилиб, кўп савобларга эришишларини орзу қилганлар. Ана шунда Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Қадр кечасини берган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг умматларига берилган Қадр кечаси аввалги умматларнинг минг ойидан кўра яхши қилиб берилган. Яъни Муҳаммад уммати биргина Қадр кечасида ибодат қилиш билан бошқа умматларнинг минг ой қилган ибодати савобидан кўпроқ савоб олиш имконига эга бўлдилар.
Ибн Абу Ҳотим қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Бани Исроил пайғамбарларидан тўрттасини: Айюб, Закария, Ҳузайқийл ва Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломларни эсладилар. Улар Аллоҳга саксон йил ибодат қилганлар. Бир кўз очиб, юмгунча ҳам осий бўлмаганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бундан ғоятда ажабландилар. Шунда у зотнинг ҳузурларига Жаброил келди:«Умматинг шундан ажабландими? Аллоҳ таоло сизларга ундан кўра яхшисини нозил қилди», деди. Ва у зотга «Иннаа анзалнаҳу фии Лайлатул Қадр»ни тиловат қилиб берди. Сўнгра:
«Бу сенинг умматинг ажабланган нарсадан афзалдир», деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зот билан бирга одамлар ҳам масрур бўлдилар».
Имом Байҳақий ва Ибн Абу Ҳотимлар қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Исроилдан бир кишини зикр қилдилар. У одам Аллоҳнинг йўлида минг ой силоҳ кўтарган экан. Мусулмонлар бундан ажабландилар. Шунда Аллоҳ Қадр кечасини нозил қилди. У минг ойдан яхшидир. Бу иш уларнинг умрлари қисқа бўлганининг эвазигадир. Бас, шу билан олдингиларга етиб олурлар. Батаҳқиқ, улардан ўзиб ҳам кетдилар».
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг "Ҳадис ва ҳаёт" тўплами 9-жузи асосида тайёрланди.
Telegram каналимизга аъзо бўлинг
...............................................................