Google Play orqali oling
Тасбеҳ айтишнинг фазли

Аллоҳ таоло:
«Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳни поклаб ёд этди. У Азиз ва Ҳакиймдир», деган («Ҳaдид» сураси, 1-оят).
Тасбеҳ айтиш улуғлаш, поклаш, нуқсонсиз деб ёд этиш каби маъноларни ўзида мужассамлаштирган.
Аслида, тасбеҳ айтиш «Субханаллоҳ» калимасини такрорлаш билан бўлади. Борлиқдаги ҳамма нарса ўзига хос йўл билан Аллоҳга тасбеҳ айтади. Биз фақат инсоннинг тасбеҳини англаймиз, бошқаларнинг тасбеҳини англамаймиз. Бу ҳақиқат «Исро» сурасида зикр қилинган.
Бошқа сураларда ҳам шунга ўхшаш хабарлар бор.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Янги Пайғамбар бўлган пайтимда Маккада бир Тош менга салом берар эди. Ҳозир ҳам уни танийман», деганлар.
Имом Термизий қилган ривоятда ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Макканинг четига чиқдик, кўринган ҳар бир тош, ҳар бир тоғ у кишига «Ассалому алайка, йа Расулаллоҳ» дер эди», деб айтганлар.
Аллоҳ таоло «Тоҳа» сурасида:
«Қуёш чиқишидан олдин ва ботишидан олдин Роббингни ҳамд ила поклаб ёд эт. Кечанинг бир қисмида ва кундузнинг атрофида ҳам поклаб ёд эт. Шоядки, рози бўлсанг», деган (130-оят).
Доимо Роббингга тасбеҳу ҳамд айт. Қуёш чиқишидан олдин ҳам, қуёш ботишидан олдин ҳам Роббингга тасбеҳ ва ҳамд айт.
Уламоларимиз «Қуёш чиқишидан олдин Роббингни ҳамд ила поклаб ёд эт»дан мурод «Бомдод намозини адо эт», «ботишидан олдин Роббингни ҳамд ила поклаб эт»дан мурод «Аср намозини адо эт», деганидир», деганлар.
«Кечанинг бир қисмида ва кундузнинг атрофида ҳам поклаб ёд эт».
«Кечанинг бир қисмида ҳам Роббингга тасбеҳ айт, яъни Шом ва Хуфтон намозларини адо эт. Кундузнинг атрофида ҳам тасбеҳ айт, яъни пешин намозини адо эт».
Демак, Аллоҳ таолони зикр қилиш ва У Зотга тасбеҳ айтишнинг энг олий мақомларидан бири намоз ўқиш экан.
«Шоядки рози бўлсанг». «Албатта рози бўласан. Роббинг ҳам сендан рози бўлади»
«Воқиъа» сурасининг охирида Аллоҳ таоло яна:
«Бас, буюк Роббинг исмини поклаб ёд эт!» деган (96-оят).
«Роббингни турли нуқсонлардан поклаб зикр қил, мақсадга етасан».
Ушбу оят тушганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ушбу оятни рукуъингизда айтинглар», деганлар.
Шунинг учун намозда рукуъга борилганда, «Субҳана Роббиял азийм» дейилади.
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким «Субханаллоҳил азийм ва биҳамдиҳи», деса, унинг учун жаннатда бир хурмо экилади», деганлар.
Имом Бухорий улуғ саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Икки сўз тилга енгил, тарозида оғир, Роҳманга суюклидир, улар: «Субханаллоҳи ва биҳамдиҳи», «Субханаллоҳил азийм», деганлар».
Уламоларимиздан бири шу борада ажойиб бир мулоҳаза ёзиб қолдирганлар:
«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни намознинг рукуъсида ўқишимизга буюрадилар. Ҳолбуки, бу оятга етгунча бутун бошли бир сура келтирилади. Намознинг суннат амалларидан биттаси учун битта сура тўлиқ келтирилишининг ўзидан мусулмон шахс ҳаётида ва Исломнинг боқийлигида намознинг қанчалик аҳамиятли эканини билиб олса бўлади.

Аллоҳ таоло "Тур" сурасида:
«Олий қадар Роббинг исмини поклаб ёд эт», деган (1-оят).
Ушбу ояти каримадаги хитоб аввало Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зот орқали ҳар бир мўмин мусулмонга қаратилгандир. Яъни «Роббингни Унинг олий зотига хос бўлмаган барча нуқсон ва камчиликлардан поклаб ёд эт».
Ҳар бир мўмин-мусулмон бошқа илоҳий фармонлар қатори, ушбу амри илоҳийни ҳам амалга оширмоғи лозимдир. Улар Аллоҳ таолони барча нуқсон ва камчиликлардан поклаб, Аллоҳ Ўзи қандай амр этган бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўргатган бўлсалар, шундай ёд этишлари лозим.
Бизнинг исломий адабиётимизда ҳам «тасбеҳ айтиш» ибораси маълум ва машҳурдир. Тасбеҳ айтиш улуғ ва савобли ишлардан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ушбу оятни ўқисалар, «Субҳана роббиял аълаа», дер эканлар.Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намоздан кейинги қилинадиган зикрни ўттиз уч марта «Субханаллоҳ» дейиш билан бошлаганлар ва мўмин- мусулмонларни ҳам шундай қилишга чорлаганлар.
Мана шу оят нозил қилинганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу оятни саждада айтинглар», деганлар. Шунинг учун намозхон саждада турганда «Субҳана роббиял аълаа» дейди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Ҳадис ва ҳаёт» китоби 35-жуз «Зикр, дуолар, истиғфор ва тавба»  китоби асосида тайёрланди.

Telegram каналимизга аъзо бўлинг
...............................................................