Google Play orqali oling
У Зот Латифдир
Ер юзи сувсизликдан сарғайиб мисоли бир қақраган чўлга айланса-ю, сўнг осмонда қоп-қора булут тўпланиб, чақмоқ чақиб, момақалдироқ бўлиб ёмғир қуйса, қуриб қақшаб ётган ерга жон кириб, ям-яшил майсазорга айланса, буни кўриб, ҳаргиз «бу оддий бир табиий жараён-да» дея кўрманг.
«Аллоҳ осмондан сув (ёмғир ёғдиргач, ернинг ям-яшил бўлишини кўрмадингизми?! Дарҳақиқат, Аллоҳ лутфли ва хабардор зотдир» (Ҳаж сураси, 63-оят).
Орзуларингиз сиздан қанча узоқлашмасин, уларнинг ушалиши саробдек кўринганда ҳам сиз барибир ноумид бўлманг. Латиф Зот истаса, бир кун бахт қуши бошингизга қўниб орзуларингиз рўёбга чиқади:
(Луқмон янa дeди): «Эй ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир» (Луқмон сураси, 16-оят).
Ҳаргиз умидсиз бўлманг, Раббингиз Ўзи хоҳлаган бандасига Латифдир.
Хантал уруғи тўғрисида бир ўйлаб кўринг! У шунчалик майдаки, унга яхшилаб тикилиб қарамасангиз, кўрмай ҳам қоласиз. Уни қўлга олиб кафтингизга бир қиёслаб кўринг: нақадар митти! Энди уни, масалан, хонангизга таққослаб боқинг. Кафтингиздан тушиб кетса бир хона ичидан уни қидириб топа оласизми?! Албатта йўқ!
Энди бутун бошли бир уйга, сўнг маҳаллага, шаҳрингизга, давлатингизга, улкан қитъаларга ва ниҳоят бутун Ер юзи ва бепоён осмонларга тенглаштириб кўринг ва ишонингки, агар Аллоҳ истаса, шуларнинг ҳаммасининг ичидан бу митти уруғни муҳайё қилиб келтиради. «Албатта, Аллоҳ Латиф – ишларни сездирмай амалга оширувчи ва Огоҳ Зотдир».
Шундай буюк коинот қаъридан бир хантал уруғини топиб келтиришга қодир Зот, Ўз лутфи билан сизга ушалмас бўлиб кўринган орзуларингизни муҳайё этишга қодир бўлмайдими?
Албатта, қодир! Қасамки, қодир! Минг марта кодир!

Охирги лаҳзадаги лутф
Кўп бошингиздан ўтган чиқар: ниманидир қидириб болалар хонасига кирсангиз, чақалоғингиз каравотдан йиқилишига бир баҳя қолган бўлади.
Жилдириб қўясиз. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нима учун хонага айни шу вақтда кирдингиз?
Сувсаб ошхонага кирасиз ва музлаткичнинг розеткасидан тутун чиқаётганига кўзингиз тушади. Уни охирги лаҳзада токдан суғуриб қолишга улгурасиз ва ўт чиқишининг олдини олиб қоласиз. Ўзингизга ўзингиз ҳеч савол бериб кўрганмисиз: нега айнан шу лаҳзада кириб қолдим?
беш дақиқа кеч эмас?
Эҳтимол, сизнинг ҳаётингизда бу ҳодисаларнинг айниси рўй бермагандир. Лекин шу сингари ҳодисаларга кўп дуч келганингиз аниқ. Фақат озроқ эътиборли бўлсангиз, бас, Латиф Зотнинг лутфи ҳаётингизнинг ҳар босқичига қоришиб кетганига ўзингиз иқрор бўласиз.

Али ибн Жобир ал-Файфийнинг "Чунки Сен БОРСАН, АЛЛОҲ" китоби асосида тайёрланди.

Telegram каналимизга аъзо бўлинг
...............................................................