Google Play orqali oling
...«Шоядки, тақво қилсангиз».

Аллоҳ таоло:
«Эй иймон келтирганлар, сиздан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз», деган (Бақара сураси, 183-184-оятлар).
Аллоҳ таоло бу ояти каримани: «Эй иймон келтирганлар!» деган мўминларга маҳбуб нидо билан бошламоқда. Мўминларга муҳим ва машаққатли ишни таклиф қилишдан олдин улар яхши кўрган сифат билан нидо қилинмоқда. Бу сифатни эслатиб қилинган нидо ушбу олий мақомга лойиқ бўлиш учун ҳар қандай машаққатни ҳам бўйнига олишга тайёр турган кишида бўлажак ишга ғайрат билан киришиш руҳини уйғотади.
Аллоҳ таоло ҳам мусулмонларга ўта муҳим ибодат рўзанинг фарзлигини амр этишдан олдин уларга:
«Эй иймон келтирганлар!» деб нидо қилмоқда.
Оятнинг маъносидан келиб чиқиб, рўза янги ибодат эмас, балки барча динларда қадимдан бор эканлигини тушунамиз. Чунки унда: «Сиздан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди», дейилмоқда.
Динлар тарихини ўрганиб чиққан уламоларнинг таъкидлашларича, барча динларда, ҳатто илоҳий бўлмаган динларда ҳам рўза ибодати бор экан. Лекин уни адо этиш турлича бўлган. Баъзи динларда маълум овқатлардангина ўзини тийиб юриш рўза деб тушунилади. Мисол учун, насороларда ҳайвондан чиққан озуқа маҳсулотларидан ўзини тийиб юриш рўза дейилади. Улар тутадиган рўзанинг муддати қирқ кун бўлади. Насронийларнинг турли мазҳабларида рўза турличадир.
Исломдаги рўза эса ҳақиқий илоҳий маънони касб этган ибодатдир.
Ояти кариманинг сўнгида Аллоҳ таоло:
«Шоядки, тақво қилсангиз», деб, рўзадан кўзланган асосий мақсадни ҳам баён этиб қўймоқда.
Демак, рўза ҳам тақво йўлларидан бири бўлиб, рўза тутган кишининг қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутса-ю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади.
Рўза ҳавою нафснинг ноўрин қўзғалишларини йўлга солишга, тўғрилашга, шаҳватни жиловлашга,
қорин талабларини ҳам изга солишга хизмат қилади.
Рўза инсоннинг нафс балосидан қутулиб, Аллоҳнинг Тоатига холис ажраб чиқишига ёрдам беради.
Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло бу бандани тақво деб номланувчи, икки дунё саодатига элтувчи бахтга муяссар қилади.
Ва яна:
«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин», деган (Бақара сураси, 185-оят).
Бундан аввалги оятда рўзани «саноқли кунлар»да тутиш фарз қилинганлиги айтилган эди. Бу оят эса ана шу «саноқли кунлар» «Рамазон ойи» эканлигини баён қилмоқда. Айни чоқда Рамазон ойининг фазли ҳам зикр этиляпти,
«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон туширилгандир».
Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар бор, улуғ уламоларнинг сўзлари, мадҳлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақдаги таърифларнинг гултожиси Роббил Оламийннинг Ўз каломида айтган мадҳидир. Бу Рамазони шарифнинг энг улкан фазилатлари ҳақидаги таърифдир. Яъни:
«Унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир».
Аллоҳ таоло Ўзининг абадий мўъжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган Китоби Қуръони Каримни тушириш вақти қилиб, Рамазони шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазилатини юксакка кўтарганининг далолатидир. Энди эса нур устига нур, фазилат устига фазилат қўшиб, рўза ибодатини ҳам мана шу Рамазон ойида фарз қилмоқда. «Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин».
Ким Рамазон ойига соғ-саломат етса, унинг янги ойининг шоҳиди бўлса ёки Рамазон ойи бошланганининг хабари етса, рўзасини тутсин. Бу фармон умумийдир, лекин одамларда «Янги, умумий фармон тушди, ким бўлишидан қатъи назар, ҳамма рўза тутиши фарз экан», деган фикр пайдо бўлмаслиги учун ушбу ҳукмдан истисно қилинганлар яна бир бор зикр этилмоқда.

© Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг "Ҳадис ва ҳаёт" тўплами 9-жузи асосида тайёрланди.

Telegram каналимизга аъзо бўлинг
...............................................................