Google Play orqali oling
Йўқолган нарсани топишда ўқиладиган дуо ва зикрлар

Шавконий «Фатҳул-Қодир» номли тафсирида Ибн Нажжорнинг ўз тарих китобида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир ривоят келтирганини айтади. Унга кўра, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оли Имрон сурасининг 9 инчи оятини ўқиб туриб: «Ким бирор нарсасини йўқотиб қўйган бўлса, ушбу оятни ўқиб, ортидан: «Эй одамларни бўлишига шубҳа йўқ кунда жамлайдиган Зот, молимни мен билан бирга қил, албатта Сен ҳар бир ишга қодирсан», деб дуо қилса, йўқотган нарсаси топилади», деганлар.
Оят ва дуонинг арабча матни қуйидагича:

«رَبَّنَا إِنَّكَ جَامِعُ النَّاسِ لِيَوْمٍ لا رَيْبَ فِيه،ِ إِنَّ اللَّهَ لا يُخْلِفُ الْمِيعَادَ.
اللَّهُمَّ يَا جَامِعَ النَّاسِ لِيَوْمٍ لَا رَيبَ فِيهِ، اِجْمَعْ بَيْنِي وَبَيْنَ مَالِي، إِنَّكَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ».

Маъноси:
«Роббимиз, албатта Сен одамларни бўлишида шубҳа йўқ кунга жамлагайсан. Ҳақиқатан, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмайди.
Аллоҳим! Эй одамларни бўлишига шубҳа йўқ кунда жамлайдиган Зот, молимни мен билан бирга қил, албатта Сен ҳар бир ишга қодирсан», деб дуо қилса, йўқотган нарсаси топилади».

Бироқ, Ибн Нажжор бу ривоятни унинг ишончсизлигига ишора қилувчи ибора билан келтирган ва бошқа муҳаддислар ҳам бу нақлни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериш тўғри эмас, деб айтганлар. Бироқ, уламолар унинг мазмуни тўғри ва тажрибада синалганини таъкидлайдилар.
Имом Нававий «Бустонул-ъорифин»да: «Мен буни тажрибамда синадим ва йўқотилган нарса тез топилишида фойдали эканини кўрдим. Буни менга шайхимиз Абулбақо ўргатган эди», дейдилар.
Хатиб Бағдодийнинг ривоятига кўра, бу дуо тасаввуф машойихларидан бири Абу Жаъфар Музаййин ал-Кабирга тегишли. Жаъфар ибн Муҳаммад Хулдий ҳаж олдидан Абу Жаъфар Музаййинга: «Менга сафаримда керак бўладиган бирор нарса ўргатинг», дейди. Шунда у: «Агар бирор нарсанги йўқотиб қўйсанг, «Эй одамларни бўлишига шубҳа йўқ кунда жамлайдиган Зот, – албатта Аллоҳ ваъдага хилоф қилмайди – фалон нарсани мен билан бирга эт» деб дуо қил, Аллоҳ албатта ўша нарсани сенга етказади», дейди.
«Раддул-мухтор»да ҳам бу дуони тасаввуф машойихларидан дея нақл қилинган ва Имом Нававийнинг мазкур сўзлари ҳам келтирилган.

Бу борада саҳобаи киромлардан нақл қилинган энг ишончли ва машҳур ривоят Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан келади. Уни Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да келтирган бўлиб, унга кўра Ибн Умар розияллоҳу анҳумо нарсасини йўқотган одамга таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқиб, ортидан қуйидаги дуони қилишни тавсия этганлар:

«اللَّهُمَّ يَا هَادِيَ الضَّالِّ، وَرَادَّ الضَّالَّةِ ‌ارْدُدْ ‌عَلَيَّ ‌ضَالَّتِي بِعِزَّتِكَ وَسُلْطَانِكَ فَإِنَّهَا مِنْ عَطَائِكَ وَفَضْلِكَ».
Аллоҳим! Эй адашганларни ҳидоят қиладиган, йўқолган нарсани қайтарадиган Зот! Азизлигинг, ҳукмронлигинг ҳурмати менга йўқотганимни қайтаргин, зеро, у Ўзингнинг атоинг ва фазлингдир».
Имом Табароний келтирган ривоятда эса худди шу маънони Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилган. Бироқ, бу ривоятда заифлик борлиги таъкидланади. Ҳарқалай, ушбу ривоятдаги амаллар ишончли ривоятларда келган.
Баъзи асарларда нарсасини йўқотган одам Зуҳо сурасини ўқиши, айримларида Залзала сурасини ўқиши тавсия қилинган. Булар мужарработлар бўлиб, Қуръони Карим фазилати туганмас экани инобатга олинса, уларни маълум мақсадларда ўқиш ҳам манфаатли ҳисобланади.
Булардан ташқари, ғам-ташвишда, ҳожат тушганда ўқиладиган намоз ва дуоларни ҳам қилиш мумкин. Жумладан:

حسبي الله وَنِعْمَ الوكيل نِعْمَ الْمَوْلَى وَنِعْمَ النصير

«Бизга Аллоҳ кифоядир, У қандай ҳам яхши асровчидир».

«يا حي يا قيوم، لَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلاَّ بِكَ، بِرَحمَتِكَ أَسْتَغِيثْ، أَصلِحْ لِي شَأْنِي كُلَّهُ ولَا تَكِلْني إِلَى نَفسِي طَرفَةَ عَيْنٍ»
Ё Ҳай! Ё Қайюм! Сендан ўзгада на қувват бор, ва қудрат бор. Раҳматинг ила Ўзингдан ёрдам сўрайман, барча ишларимни Ўзинг ўнглагин, киприк қоққунча ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўймагин».Муҳими, ишни қалбда Аллоҳ таолога топшириб, таваккул қилиб, қабулиятига чин ишонч билан, пок ихлос билан дуо қилиш лозим. Йўқолган нарса, иншооллоҳ, топилади, аммо бордию топилмай қолса ҳам, бу дуою зикрлар Аллоҳга ибодат ўлароқ энг улуғ амаллардан саналади ва кишини Робби таолога яқинлаштиради.

Аллоҳ таоло барчаларимизга тавфиқу иноятни ёр айласин!

© Ҳасан ал-Муқрий

Telegram каналимизга аъзо бўлинг
...............................................................